Телеграм ижтимоий тармоғида блоггер Комоловнинг шикоят пости кўпчиликни эътиборини тортди.
Унга кўра Бухоро шаҳар, Когон шоссеси йўл ёқасида жойлашган ернинг аукциондаги савдоси 2024 йил 25 апрел куни бўлиши кераклиги кўрсатилган бўлсада, қурилиш ишлари аллақачон бошлаб юборилганлиги ҳақида норозилигини билдирган.
Бу ҳолат бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси, Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармаси, Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси ҳамда “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” АЖнинг ҳудудий мутахассислари вазиятни ўрганиб қуйидагиларни маълум қилади.
Кўчма савдо учун Аукцион савдоларига чиқарилган ер участкаси блоггер Комоловнинг шикоят пости кўрсатилган бино иншоотни остидаги ер участкаси эмаслиги. “E-Auksion” сайтида лот рақами 8628065 бўлган ер участкасининг лот ҳужжатлар қисмида юкланган маълумотларда мазкур савдо объекти блоггер Комоловнинг шикоят пости кўрсатилган бино иншоотнинг чап қисмидаги бўш ер майдони эканлигини кўриш мумкин.
Шунингдек мазкур лот рақами жойлашган жой узкад тизими орқали текширилганда ҳам ҳужжатларда кўрсатилган жойлашув билан бир хил эканлигидан келиб чиқиб блоггер Комоловнинг мақсади нима эканлиги бизга номаълум.
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддаси 2-қисмига мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Журналистлар ва блогерлар ҳам олинган фактларни эълон қилишда уларнинг тўғрилигини текшириб кўриши, аҳоли ишончини суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиши мақсадга мувофиқ.

