...2005-2019 йилларда Жондор туманидаги 34-умумтаълим мактаби директорининг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, 2019-2021 йилларда 32-умумтаълим мактаби директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2021-2022 йилларда 42-умумтаълим мактаби директори...
Бу Жондор туманидаги “Намгони” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳронжон Юсуповнинг таржимаи ҳолининг асосий қайдлари.
— Маҳалламизда 380 та хонадондаги 535 та оилада 2 мингга яқин аҳоли яшайди. Аҳолимиз асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Шу боис ер биз учун жуда зарур неъмат. Давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғи асосида аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш амалиёти жорий этилгани яхши самара берди. Биргина ўтган 2022 йилда 29 гектар ер майдони қўлидан иш келадиган, деҳқончиликни биладиган одамларга очиқ аукцион савдолари орқали берилиб, уларнинг ҳам бандлиги таъминланди, ҳам даромади ошди. Жорий йилда эса 21 гектар ер майдонини аукционга чиқарганмиз. Яна битта рақамни келтириб ўтмоқчиман: 2022 йилда маҳалламиздаги ишсизлар сони 125 тани ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 79 тага тушди. Йил якунига бориб маҳалламиз тамоман ишсизликдан холи ҳудудга айланади. Бунинг учун барча имконият ва шарт-шароитлар мавжуд, – дейди у биз билан суҳбатда.
Баҳронжон Юсупов айни фикр-мулоҳазаларини давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига қилган сафари давомида ўтказилган учрашуви чоғида ҳам дадил айтиб берди. Ўз навбатида Президентимизнинг эътирофига ҳам сазовор бўлди. Ўз навбатида бу жонбозлик изсиз кетмади.
Баҳронжон Юсупов мамлакатимизда бошланган ер ислоҳотларидаги ташаббускорлиги, хусусийлаштириш, ер муносабатларида очиқлик ва шаффофликни тарғиб қилиш, аҳолининг электрон онлайн савдоларда иштирок этиш борасидаги саводхонлигини оширишдаги кўмаги ва фаоллиги учун Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
— Бугун халқ хизматида бўлиш шарафли юмуш бўлиши билан бирга, катта масъулият юклайди. Шу маънода маҳалла тизимига қаратилаётган эътибор, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, халқ розилигига эришиш — олдимиздаги муҳим вазифадир. Шуни фахр билан айтиш керакки, бу вазифани бажаришимизда халқимизнинг бизга бўлган ишончи янада куч бағишламоқда. Эътироф эса мени янада руҳлантирди. Миннатдорман, – дейди Баҳронжон Юсупов.
Албатта, маҳалла раиси иислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида замон билан ҳамнафас бўлиши, билим ва маҳоратини доимий равишда ошириб бориши, ишсизлик ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам бериши, ижтимоий ва бошқа муаммоларни ҳал қилиши жуда муҳим. Айни шу жиҳатдан Баҳронжон Юсуповнинг маҳаллада амалга оширилаётган ишлари эътирофга муносибдир.

