Семинарда асосий эътибор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-июндаги "Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-95-сонли Фармони мазмун-моҳияти бошқарма ходимларига тушунтирилди.
Тадбирда бошқарма бош юрисконсулти Ш.Мамедов сўзга чиқиб, мазкур Фармонда белгиланган устувор йўналишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Хусусан, у қуйидаги масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди:
- Давлат фуқаролик хизматчилари корпусини шакллантиришдаги янги ёндашувлар;
- Очиқ ва ошкора танловлар орқали давлат хизматчилари лавозимларига тайинлаш тартиби;
- Кадрлар заҳирасини яратиш ҳамда уларни самарали бошқариш усуллари;
- Малакали ва салоҳиятли кадрларни рағбатлантириш учун малака даражалари бериш тизими;
- Давлат хизматчилари учун касбий ривожланиш ва малака ошириш курсларини мунтазам ташкил этишнинг аҳамияти.
Семинар иштирокчилари ушбу масалалар бўйича амалий мисоллар ва ҳуқуқий асослар билан танишдилар. Шунингдек, улар тақдимот мавзулари юзасидан қизиқтирган барча саволларига мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар давлат хизматини ислоҳ қилишга қаратилган мазкур Фармоннинг амалиётдаги аҳамиятини юқори баҳолаб, унда белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.