Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, 115 та корхонадаги давлат акция пакетлари, 659 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 6100 гектар ер участкалари оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.
Шу билан бирга, мазкур Фармон билан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш мақсадида, 2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинди ҳамда бозорлар уставида маҳаллий давлат ҳокимликларнинг мажбурий иштирок этиши талаби бекор қилинди.
Ўз ўрнида, ҳудудларда мазкур Фармон мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 16 май куни Давлат активлари агентлиги томонидан Бухоро вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.
Ушбу тадбирда 200 нафардан зиёд тадбиркорлар ва инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари иштирок этди.
Тақдимот Давлат активлари агентлиги директорининг ўринбосари Алишер Миралиев, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шахриёров ҳамда Агентликнинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фирдавс Норов бошчилигида бўлиб ўтди.
Тадбир давомида А.Миралиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага бериш йўналишларида бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан:
- Давлат активини сотиб олиш тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, харидорга харид суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма қўлланилади;
- давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларининг миқдорига қараб 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд.
- меҳмонхона ва туризм хизматларини кўрсатиш бўйича давлат мулкини савдога чиқаришда харид тўловлари миқдоридан қатъи назар уларни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
- тиббиёт ва таълим ташкилотини ташкил этиш учун аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектларининг сотиб олиш нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 5 йил муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
- ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади;
- «E-auksion» орқали ижарага олинганига камида 5 йил бўлган давлат мулки объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш бўйича ишлар амалга оширилган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келинган давлат мулки объектининг ижарага олинган қисми баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади;
- майдони 10 минг м2 гача бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга тўғридан тўғри текин фойдаланишга берилади. Шартнома шартлари бажарилган тақдирда, ушбу тадбиркорлик субъектларига баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотилади;
- Барча турдаги ер участкаларининг қиймати 15 иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилади (бошланғич нархи 50 фоиздан ортиққа пасайтирилган ҳолда реализация қилинган ер участкалари бундан мустасно).
- Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бирйўла амалга оширган харидорларга мазкур ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади;
- Аукцион савдоларига тадбиркорлик учун чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини 3 ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, “Roadshow” иштирокчиларига Давлат активлари агентлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йил давомида 95 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, савдода турган 120 та давлат активлари 384,2 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 6172 та 1153,8 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 1337 та 240,6 гектар ер участкалари 238,0 млрд.сўмга сотилишига эришилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида янги 23 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, 38 та давлат активлари 23,1 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган.
Ўз ўрнида, янги 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, Бухоро вилоятида оммавий савдоларда сотилиши белгиланган жами 3 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг улушлари, 72 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 419 гектар ер майдонлари тадбиркорлар ва тадбир иштирокчиларига яқиндан таништирилди.
Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга “E-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар бериб ўтилди.
Жумладан, Бухоро туманида боғдорчилик учун 1 гектар қишлоқ хўжалиги ерини ижарага олган тадбиркор томонидан ушбу ерни хусусийлаштириб олиш тартиби бўйича савол берилди. Мазкур саволга 2021 йилда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилди. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари “E-auksion” савдо платформасида электрон онлайн аукцион савдолари орқали фақат ижарага берилиши мумкинлиги билдирилди.
Шунингдек, Вобкент туманидан ташриф буюрган тадбиркор бозорларни хусусийлаштириш тартиби юзасидан савол берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелдаги ПФ-70-сон Фармонига асосан эндиликда бозорлар уставида маҳаллий ҳокимликларнинг мажбурий иштирок этиши талаби бекор қилинганлиги юзасидан тушунтириш берилди. Ўз ўрнида, бозорлар босқичма-босқич туман (шаҳар)ларнинг бош режаси, жумладан шаҳарсозлик меъёрлари ва миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда, рақамлаштиришни кенгайтириш шарти билан хусусийлаштирилиши таъкидланди.
Мазкур тадбир бунга қадар Сурхондарё, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида, бугун Бухоро вилоятида ўтказилди ҳамда кейинги ўринда Навоий вилоятида ва республиканинг қолган барча вилоятларида ўтказилади.